Ахборотнома - Корея Е-9 ва Е-8 визаси

Корея Е-9 ва Е-8 визаси

Е-9

 Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Корея Республикаси Бандлик ва меҳнат вазирлиги ўртасида имзоланган Меморандумга асосан Кореяда ишлаш истагида бўлган республикамиз фуқаролари рўйхатга олиш жараёнида ва корейс тили бўйича бўлиб ўтадиган тест синовларида қатнашишлари талаб этилади.

Корейс тили бўйича тест синовларидан муваффақиятли ўтган фуқаролар тўғрисидаги маълумотлар Корея Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати (кейинги матнда - КИРРХ) томонидан маълумотлар базасига киритилади ва икки йил давомида базада сақланади, ушбу маълумотлар базаси орқали номзодни корейс иш берувчилари танлаб олган тақдирдагина, фуқаронинг номига иш берувчиси томонидан меҳнат шартномасининг лойиҳаси юборилади.

Хорижий ишчи кучини Корея Республикасида ишлашга танлаб олиш
 ва жалб этиш фақат корейс иш берувчиси томонидан амалга оширилади.

Маълумотлар базасига киритилган номзодни корейс иш берувчиси танлаб олиш жараёнида бошқа жисмоний ёки юридик шахс иштирокига йўл қўйилмайди.

Кореяда ишлаш истагида бўлган республикамиз фуқаролари корейс тили бўйича бўлиб ўтадиган тест синовларида қатнашиш учун рўйхатдан ўтишлари ва тест синовларида иштирок этишлари талаб этилади. Корейс тили бўйича тест синовларида қатнашиш истагини билдирган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига қуйидаги талаблар белгиланган:

а) 18-39 ёшда бўлиши;

б) Корейс тилини билиши;

в)Соғлом бўлиши, шунингдек ранг ажрата олиши (дальтонизм)
 ва бармоқ ампутацияси бўлмаслиги;

г) Жиноий жавобгарликка тортилмаган бўлиши;

д) Корея Республикасидан депортация қилинмаган бўлиши;

е) Ўзбекистон Республикасидан хорижга чиқиши чегараланмаган ҳамда 5 йил муддатдан ортиқ Корея Республикасида Е-9 ишчи визаси билан вақтинчалик меҳнат фаолиятини юритмаган  бўлиши лозим.

Корейс тили бўйича EPS-TOPIC тест синовларидан муваффақиятли ўтган фуқароларнинг маълумотлари Корея Инсон ресурсларини ривожлантириш хизматининг маълумотлар базасига киритилади ва икки йил давомида базада сақланади, ушбу маълумотлар базаси орқали номзодни Корея иш берувчилари

танлаб олган тақдирдагина, фуқаронинг номига иш берувчи томонидан меҳнат шартнома лойихаси юборилади.

Хорижий ишчи кучини Корея Республикасида ишлашга танлаб олиш ва жалб этиш фақатгина корейс иш берувчиси тасдиқлаш йўли билан амалга оширилади.

Маълумотлар базасига киритилган номзодни корейс иш берувчиси томонидан танлаб олиш жараёнида бошқа жисмоний ёки юридик шахслар иштирокига йўл қўйилмайди.

Шу сабабли, тест синовларидан муваффақиятли ўтган тақдирда ҳам номзодларни Кореяга ишга юбориш тўлиқ кафолатланмаган, агар икки йил давомида номзодни иш берувчи томонидан танлаб олинмаган ва меҳнат шартнома лойихаси юборилмаган тақдирда фуқаро такроран корейс тилидан дастлабки тест синовларида қатнашиши мумкин.

 

 

   Е-8

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Корея Республикаси Канвондо провинцияси, Янггу округи ўртасида ўзаро англашув ва дўстликни ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш борасида келишувга эришилган.

Ушбу келишувга асосан Корея Республикаси Канвондо провинцияси, Янггу округи администрацияси ҳудудида, 5 ойлик мавсумий ишлар (Е-8 визаси) бўйича вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган фуқароларимизга корейс иш берувчиси томонидан қуйидаги талаблар қўйилган:

  1. Наманган вилояти ҳудудида охирги 3 йил давомида доимий рўйхатда туриб истиқомат қилувчи фуқаро бўлиши;
  2. Корейс тилини билиши (суҳбат корейс тилида бўлиб ўтади);
  3. Ёш чегараси 35-45 оралиғида бўлиши, (эркаклар);
  4. Оилали ажрашмаган бўлиши;
  5. Мавсумий ишлар бўйича (қишлоқ хўжалиги) тажрибасига эга бўлиши;
  6. Соғлом, юқумли касалликларга чалинмаган бўлиши;
  7. Судланмаган бўлиши;
  8. Корея Республикаси ҳудудига кириш учун тақиқ бўлмаслиги;
  9. Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан тақиқи мавжуд бўлмаган ва хорижга чиқиш паспортига эга бўлиши лозим .

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, Корея Республикаси Канвондо провинцияси, Янггу округи администрацияси Наманган вилоят ҳокимияти билан ўзаро келишувга асосан танлов жараёнлари ушбу вилоятда бўлиб ўтганлиги маълум қилинади.

Эслатиб ўтамиз, 5 ойлик мавсумий ишлар (Е-8 визаси) бўйича вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган фуқаролар танлов жараёнларидан муваффақиятли ўтган тақдирда виза тасдиқномалари берилиши Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан кафолатланмайди.